Биласизми, тарихда “Футбол уруши” дея номланган икки давлат орасида қонли тўқнашув бўлиб ўтган…

Биласизми, тарихда “Футбол уруши” дея номланган икки давлат орасида қонли тўқнашув бўлиб ўтган…

Тасаввур қилинг: стадионда минглаб мухлислар, ҳаяжон, шовқин ва сўнгги дақиқаларда урилган гол. Одатда бу байрам ёки оддий мағлубият билан тугайди. Аммо 1969 йилда Эл-Сальвадор ва Гондурас ўртасидаги футбол ўйини стадиондан тўғри жанг майдонига кўчди. Бу тарихга «Футбол уруши» номи билан кирди.

Стадиондаги душманлик 1970 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма учун кечган учрашувлар шунчаки спорт эмас, балки икки халқ ўртасидаги нафратнинг юзи эди.

Биринчи ўйин: Гондурас ғалаба қилди. Сальвадорлик бир қиз мағлубиятга чидай олмай, ўзини отиб ўлдирди. Унинг дафн маросими миллий мотамга айланиб кетди.

Иккинчи ўйин: Сальвадор ўз уйида реванш олди. Гондураслик футболчилар майдонга зирҳли машиналарда олиб келинди, меҳмон мухлислар эса аёвсиз калтакланди.
Ҳал қилувчи баҳс: 27 июнь куни Мексикада ўтган ўйинда Сальвадор 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Худди шу куни икки давлат дипломатик алоқаларни узди.
Футбол шунчаки баҳона эдими?

Аслида, урушнинг илдизи анча чуқур эди. Кичик ва аҳоли зич жойлашган Эл-Сальвадордан 300 мингдан ортиқ одам қўшни Гондурасга кўчиб ўтиб, бўш ерларни эгаллаб олганди. Гондурас ҳукумати эса ички муаммоларни ёпиш учун барча айбни шу муҳожирларга тўнкади ва уларни қувиб чиқаришни бошлади. Футбол эса шунчаки «гугурт чақиш» вазифасини ўтади.

14 июль куни Эл-Сальвадор самолётлари Гондурас шаҳарларини бомбалашни бошлади. Бу уруш тарихдаги энг охирги поршенли самолётлар жанги сифатида қолди — иккинчи жаҳон урушидан қолган «Мустанг» ва «Корсар»лар осмонга кўтарилди.
Давомийлиги: 4 кун (100 соат).
Қурбонлар: 2 100 киши ҳалок бўлди, 10 мингдан ортиқ киши жароҳатланди.
Натижа: Америка давлатлари ташкилоти босими остида уруш тўхтатилди.
Урушдан кейинги аччиқ ҳақиқат. Бу тўқнашувда ҳеч ким ғолиб бўлмади.
Эл-Сальвадор Жаҳон чемпионатига йўл олди, лекин у ерда бирорта ҳам гол ура олмай, гуруҳда қолиб кетди. Юртига қайтган минглаб қочқинлар иқтисодиётни пароканда қилди, бу эса 10 йилдан кейин даҳшатли Фуқаролар урушига олиб келди. Икки давлат ўртасидаги расмий тинчлик шартномаси фақат орадан 11 йил ўтиб, 1980 йилда имзоланди. Футбол — бу шунчаки ўйин, дейишади. Аммо 1969 йилги воқеалар сиёсат ва нафрат аралашган жойда ҳатто энг севимли спорт тури ҳам қуролга айланиши мумкинлигини исботлади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: