Дубайни Исроилдан фарқи қолмади!..
Дубайда шаҳар бўйлаб ракета зарбаларини видеога олганликда гумонланиб, 60 ёшли Буюк Британия фуқароси қўлга олинди. Унга икки йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда. Бу ҳақда «Detained in Dubai» ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳига таяниб, «The Telegraph» газетаси хабар берди.
Эркак душанба куни, 9 мартда қўлга олинган. У Бур-Дубай полиция маҳкамасида сақланмоқда. Нашр маълумотларига кўра, сайёҳ ракеталарни видеога олган, бироқ ушбу кадрларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирганми-йўқми, ҳозирча номаълум. Британияликка ҳали расмий айблов қўйилмаган ва у озод этилиши ҳам мумкин. Агар кибержиноят ҳақидаги қонунлар бўйича айбдор деб топилса, у икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Газета БАА расмийлари аввалроқ зарбалар ҳақидаги материалларни эълон қилганлик учун қамоқ жазоси борлигидан огоҳлантирганини эслатмоқда. Мамлакатдаги кибержиноятга оид қонунлар дунёдаги энг қаттиқларидан бири ҳисобланади: «жамоат тартибини» бузувчи ёки давлат обрўсига путур етказувчи ҳар қандай контент учун 77 минг долларгача жарима ёки қамоқ жазоси кўзда тутилган.
«Detained in Dubai» ижроия директори Рада Стирлинг қўлга олинган шахснинг оиласига ёрдам бераётганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, БАА расмийлари чет элликлар Эрон жосуслари бўлиши мумкин деган хавотирда «ўта сезувчанлик» кўрсатмоқда.
Марказий Осиё минтақасида ҳам Эрон уруши туфайли хавотир кучаймоқда. Бу ерда кислотали ёмғирлар ва исломий гуруҳларнинг фаоллашишидан чўчишмоқда.
SNN агентлигининг 13 март куни хабар беришича, Эроннинг учувчисиз учиш аппарати Дубай халқаро молия марказига ҳужум қилган. Бундан аввал, 11 март куни Дубай амирлиги ҳукумати шаҳар аэропорти яқинида иккита дрон қолдиқлари тушиши натижасида камида тўрт киши жароҳатланганини маълум қилган эди.
7 март куни Дубайдаги «Marina 23» осмонўпар биносига дрон урилган эди. Қолдиқлар бинолардан бирининг фасадига тушган, бахтга кўра ҳеч ким жабрланмаган. Кейинчалик Ал-Барша туманида автомобил устига парчалар тушиши оқибатида бир чет эллик — осиёлик ҳайдовчи ҳалок бўлгани хабар қилинган.
