«Америка иқтисодиёти жарлик ёқасида: Давлат қарзи рекорд даражадаги 39 триллионга етди!»
Пентагон нима учун Эрон билан урушга улкан маблағ сўради? ОАВ нима деб ёзмоқда?
АҚШ Мудофаа вазирлиги Эрон билан урушни давом эттириш учун 200 миллиард доллар сўради. Бу сумма охирги уч ҳафтада сарфланган маблағдан 16 баравар кўпдир. Ушбу маблағ қуруқликдаги қўшинларни юбориш учун керак бўлиши мумкин. Бу жараёнда АҚШ давлат қарзи рекорд даражага етди. Дунё нашрлари нима демоқда?
The Washington Post: Пентагон бюджетидаги улкан сўров
Пентагон Оқ уйдан Конгрессга 200 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиш бўйича сўров юборишни тасдиқлашни сўради. Бу маблағ нафақат ҳаво зарбалари, балки охирги уч ҳафтада ишлатиб бўлинган ўта муҳим қурол-яроғларни ишлаб чиқаришни тезкорлик билан оширишга йўналтирилади. Бироқ, Конгрессдаги урушга қарши қонун чиқарувчилар бунга қаттиқ қаршилик кўрсатиши кутилмоқда.
Associated Press: АҚШ қарзи 39 триллион доллардан ошди
Америка-Исроилнинг Эрондаги уруши бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб, АҚШ давлат қарзи рекорд даражадаги 39 триллион доллардан ошди. Бу кўрсаткич Трампнинг давлат қарзини камайтириш ҳақидаги ваъдаларига зид келади. Иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, қарзнинг ўсиши ипотека ва автокредитлар фоизининг ошишига, иш ҳақининг пасайишига ва товарлар нархининг қимматлашига олиб келади. Оқ уй маслаҳатчиси Кевин Хассеттнинг сўзларига кўра, Эрондаги уруш АҚШга аллақачон 12 миллиард доллардан қимматга тушган.
Reuters: Қўшимча қўшинлар юбориш режаси
Трамп маъмурияти Яқин Шарқдаги амалиётларни кучайтириш учун минглаб аскарларни сафарбар қилишни кўриб чиқмоқда. Вариантлар орасида Ормуз бўғозида нефть танкерлари хавфсизлигини таъминлаш бор. Бу нафақат ҳаво ва денгиз кучларини, балки АҚШ қўшинларини Эрон қирғоқларига жойлаштиришни ҳам англатиши мумкин. Шунингдек, Эрон нефть экспортининг 90 фоизи ўтадиган Харг оролини назоратга олиш муҳокама қилинмоқда.
Financial Times: Эроннинг шартлари
Трамп уруш у хоҳлаган пайтда тугашини айтган бўлса-да, Эрон тезкорлик билан таслим бўлиш ниятида эмас. Теҳрон бу можарони ўз мавжудлигига таҳдид деб билади ва узоқ давом этадиган «емириш уруши»га тайёрланмоқда. Эрон ТИВ раҳбари Аббос Арақчи сулҳ ҳақидаги гапларни «бемаънилик» деб атади.
Euronews: Трампнинг «Жанубий Парс» билан боғлиқ таҳдиди
Трамп агар Теҳрон Қатарнинг газ конларига яна ҳужум қилса, Эроннинг энг йирик газ кони — «Жанубий Парс»ни бутунлай йўқ қилишга ваъда берди. Чоршанба куни Эрон Қатардаги Рас-Лаффан конига зарба берган эди, бу эса Қатарнинг Эрон элчихонаси ходимларини мамлакатдан ҳайдаб чиқаришига сабаб бўлди.
