«Аёлим билан ажрашяпман, сеҳр қилинганман»

«Аёлим билан ажрашяпман, сеҳр қилинганман»

Бир синглимиз фолбин сабаб бошларига тушган муаммони айтиб бердилар.
Қисқа қилиб айтганда, оилада ўзаро муаммо келиб чиқади. Турмуш ўртоқлари ва уйидагилари: «бизни ўқитиб ташлашяпти. Зўр домла бор», деб фолбиннинг олдига боришади.
Улар фолбин ҳузурига боришганда турмуш ўртоқлари «Аёлим билан ажрашяпман, сеҳр қилинганман» деган гумонлари борлигини айтадилар. Бадбахт фолбин ҳам эрда сеҳр борлигини, қолаверса, уйининг ҳам бир неча жойида сеҳр борлигини ва бу сеҳрларни унинг аёли ўлим учун қилганини айтади. Табиийки ўша сеҳрларни топиб беришини ҳам қўшимча қилади. Фолбинларнинг яна бир аёрликларидан баъзилари «маълум ҳақ берасан» дейишмайди. Лекин битта сеҳр топиб беради, кетидан яна топиб беради, кетидан яна топиб беради. Хуллас шунчалик кўп сеҳрлар топиб беради ўзингиз қанақа қилиб рози бўлиб пул бериб қўйганингизни билмай қоласиз.
Фолбинни уйга олиб боришади. У баландроқ бир жойдан бир неча сеҳрларни топиб беради.
Шундан сўнг эр ҳам, эркакнинг оила аъзолари ҳам аёлга тескари бўлиб, ажрашиш ҳаракатига тушишади.
«Иккинчи томонни ҳам эшитиш керак. Балки, ростдан ҳам сеҳр қилгандир», деб айтишингиз мумкин.
Лекин¸ бу вазиятда иккинчи томонни эшитадиган нарсанинг ўзи йўқ-да. Агар роқий ўқиб: «Сизда сеҳр бор», деб айтганда ҳам бошқа гап эди. Қолаверса биз оилавий масалани эмас айнан сеҳр предметига боғлиқ бўлган масалани ёзяпмиз. Бу воқеада иккинчи тарафни эшитишга ҳожат ҳам йўқ.
Шуни билингки, ҳақиқий шаръий роқий ҳеч қачон аниқ далилсиз сеҳрни ким қилганини била олмайди. Уйда сеҳр борлигини, сеҳрнинг жойини ҳам айтиб бера олмайди.
Бу ишни фақат шайтонлар билан ишлайдиган фолбину, сеҳргарлар қилади. Шунингдек, бу оила мурожаат қилган киши юз фоиз фолбин ва сеҳргардир.
Шайтонларнинг мақсади нима?
Шайтонларнинг мақсади инсонларга зарар беришдир. Иблис томонидан: «Энг катта ишни қилдинг», деб мақтов эшитган шайтон нима қилган эди? Бир оилани ажратиб юборган эди.
Бу вазиятда ҳам ўша фолбиннинг шайтонлари шундай имкониятдан фойдаланиб қолишган. Эр ўз оёғи билан келган. У ёғи эса қийин бўлмаган. Ўша хонадонга сеҳрни ўзлари ташлаб қўйишган ёки боришганида ўша инсонларнинг кўзига уни гипноз йўли билан кўрсатиб беришган.
Ҳар қандай ақли- хуши жойида бўлган инсон ўйлаши керак-да. Бу масалани тушуниш учун диний илм ҳам керак эмас.
Фараз қилинг, бир одамнинг олдига келяпсиз. У сизга: «Сени хотининг сеҳр қилган» деяпти. У бу нарсани қаердан билади? Ахир, ғайбни ҳеч ким билмайди-ку. Наҳотки, шуни билишмайди?
Ундан ҳам баттари «Уйда сеҳр предметлари бор» деб, қаердалигини ҳам топиб беряпти. Наҳотки, шундан сўнг ҳам ўйлашмаган? Ҳаттоки, пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ўзларига сеҳр қилинганда, сеҳр қаердалигини токи Аллоҳ таоло фаришталар орқали билдирмагунича билмаганлар. Наҳот Пайғамбар алайҳиссалом била олмаган нарсаларни бир фолбин била олса?
Эй инсонлар, тафаккур қилинг. Агар тафаккур қила олмасангиз, илм аҳлларидан сўранг. Масжидга чиқиб сўранг. Одамлар айтган ҳар бир инсон домла бўлавермайди. Ўз жуфти-ҳалолингизга ишонмай, шайтонларга қул бўлган инсонга ишониб, оилангизни бузиб юбораверманг. Инсонларга озор берманг.
          Умида Абдуқодирова
Дўстларингизга ҳам юборинг: