Абдуқодир Ҳусанов тарих ёзди!.. (видео)
Келажакда юзлаб футболчиларимиз, Англия лига кубогини қўлга киритиши мумкин. Бироқ уларнинг бошида Абдуқодир бўлади. Бу ҳеч қачон ўзгармайди…
«Манчестер Сити» Карабао Кубоги финалида «Арсенал»ни муносиб тарзда мағлуб этиб, лондонликларни тарихий «квадрупл» (бир мавсумда 4 та соврин) орзусидан маҳрум қилди. Учрашувнинг ҳақиқий қаҳрамони иккинчи бўлим ўрталарида дубль қайд этган Нико О’Райлли бўлди.
Ўйин тақдирини кадрлар масаласидаги қарорлар ҳал қилди: Микель Артета дарвозани Кепа Аррисабалагага ишониб топширди ва бу танлов ўзини оқламади.
Ўйиннинг бир соати ортда қолганда, Кепа Райан Шеркининг оддий узатмасидан сўнг тўпни қўлидан чиқариб юбориб, қўпол хатога йўл қўйди. О’Райлли вазиятни тез илғаб олди ва боши билан тўпни дарвозага йўллади. Орадан атиги тўрт дақиқа ўтиб, «шаҳарликлар» устунликни мустаҳкамлашди. Матеус Нунеснинг жарима майдончаси ичига етказиб берган тўпини яна ўша О’Райлли ҳаводаги курашда ютиб чиқиб, дарвозага жойлаб қўйди.
Бу ғалаба Пеп Гвардиолага Лига Кубогини беш марта қўлга киритган илк мураббий сифатида тарихга кириш имконини берди. «Арсенал» эса 2020 йилдан бери совринсиз қолишда давом этмоқда.
Англия Лига Кубоги, 2025-26 йилги мавсум. Финал
«Арсенал» — «Манчестер Сити» — 0:2 (0:0)
Голлар: О’Райлли, 60 (0:1); О’Райлли, 64 (0:2).
«Арсенал»: Аррисабалага; Салиба; Уайт (Габриэл Жезус, 82); Инкапье (Калафиори, 65); Габриэл М.; Субименди; Сака; Хаверц (Мадуэке, 66); Райс; Дьокереш; Троссар (Мартинелли, 82).
-
Огоҳлантиришлар: Инкапье, 16; Аррисабалага, 51; Уайт, 69.
«Манчестер Сити»: Траффорд; Аке; Ҳусанов; Родри; Силва; Матеус Нунес; Шерки (Фоден, 90); О’Райлли; Холанд; Доку; Семеньо.
-
Огоҳлантиришлар: Ҳусанов, 32.
