Бахтни бойликдан излаётган аёллар учун тарихдан аччиқ сабоқ!
Аёллар ибрати: Қадр-қиммат шароитда эмас
Оиша онамиз фарзанд кўрмадилар. Марям онамиз эса бутун умр турмуш қурмай ўтдилар. Осиё онамиз Фиръавндек золим ва қаттол эр билан синалган бўлсалар, Хадича онамиз ўзларига дардкаш ва ҳамнафас бўлгувчи зотни фақат қирқ ёшларида топдилар. Фотима онамизнинг ҳаёти эса моддий жиҳатдан ўта камтар, баъзан йўқчилик ичида кечди.
Уларнинг бирортасининг ҳаёти мукаммал ёки муаммосиз бўлмаган. Танлаган йўллари ҳам осон кечмаган. Лекин шунга қарамай, улар тарихдаги энг улуғ аёллар сифатида муҳрландилар. На улар ўзларини камситилган ҳис қилдилар ва на бошқалар уларга бечораҳол деб ачинди. Аксинча, бугун улар бутун мўминалар учун ҳавас ва ибрат мактабининг энг юқори поғонасида турадилар.
Бундан чиқадиган хулоса шуки: кеч турмуш қуриш, ёлғизлик, моддий қийинчилик ёки мураккаб тақдир инсоннинг қадрини тушириб қўймайди. Ҳар кимнинг ризқи келадиган ўз вақти, ҳар кимнинг ўзига хос синов ва имтиҳони бор.
Гоҳида муносиб инсон, хайрли вақт ва қулай имконият — фақат гўзал сабрнинг ортидан келади. Кўпинча биз кутган натижалар биз назорат қила олмайдиган ишлар воситасида, мутлақо кутилмаган шаклда намоён бўлади. Яъни, сиз «камчилик» деб ҳисоблаган нарса, аслида сизни юксалтирувчи асосий сабаб бўлиши мумкин.
Бугун бахтни фақат тўқчиликда, муаммосиз шароитда, иззат-икром ёки романтик туйғуларда деб ўйлайдиганлар бор. Қадр-қимматни ҳам фақат шу мезонлардан излашади. Аммо биз билган тарих мутлақо бошқа ҳақиқатни сўзлайди:
