Исроил аскарлари Ғазода 1 ёшли болани оёғига сигарет босиб, қийноққа солди
Исроил аскарлари Ғазонинг марказий қисмида бир ёшли болага нисбатан зўравонлик ишлатди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, Карим исмли боланинг жароҳатлари акс этган видео тармоқларда тарқалган. У Ғазо секторининг марказидаги қочқинлар лагери яқинида Исроил кучлари томонидан ушланганидан сўнг қийноққа солинган.
Гувоҳларнинг айтишича, боланинг отаси даромад манбаи бўлган отининг ўлимидан сўнг руҳий зарба олган эди. У боласи билан бирга озиқ-овқат харид қилиш учун чиқаётганда, уйи яқинида отишмалар марказига тушиб қолган. Шундан сўнг Исроил аскарлари уни 18 ойлик ўғлини ўша ерда қолдириб, яқин атрофдаги ҳарбий назорат пунктига боришга мажбур қилган ва уни ечинтириб тергов қилган.
Маълумотларга кўра, аскарлар отанинг кўз ўнгида унга нисбатан зўравонлик ишлатган, жумладан, унинг оёғини сигарета билан куйдиришган, игна санчишган ва оёқларига мих ҳам санчиб, қийнашган. Бу ҳолатлар тиббий ҳисобот билан ҳам тасдиқланган.
Ҳисоботда боланинг оёғида сигарет куйиш излари ва мих сабабли санчилган жароҳатлар борлиги айтилади. Бола тахминан 10 соатдан кейин озод қилинган. Отаси эса ҳозиргача Исроил ҳибсхонасида қолмоқда.
Оила отанинг озод қилиниши ва даволанишни давом эттириши учун халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг октябрида Исроил ва ҲАМАС ўртасида эришилган сулҳдан сўнг Ғазо секторида Исроил ҳужумлари оқибатида камида юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлган ва минглаб одамлар жароҳат олган.
