У сувдан қуруқ чиқиши аниқ!
Дональд Трампнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги нафақат сиёсатни, балки жаҳон молия бозорларини ҳам остин-устун қилиб юборди. Аммо бу «турбулентлик» кимлар учундир ҳақиқий олтин конга айланди. Financial Times нашрининг хабарига кўра, 23 март куни эрталаб фонд бозорида мисли кўрилмаган «инсайдерлик ўғрилиги» содир бўлган бўлиши мумкин. Сирли 15 дақиқа ва 580 миллион доллар! Тонгги соат 6:50. Нью-Йорк ҳали уйқуда, ликвидлик эса энг паст даражада. Аммо тўсатдан трейдерлар 580 миллион долларлик нефть фьючерсларини сотиб юборишади. Орадан атиги 15 дақиқа ўтиб, соат 7:04 да Трамп ўзининг TruthSocial тармоғида Эрон билан «маҳсулдор музокаралар» кетаётгани ҳақида ёзади. Натижа? Нефт баҳоси тарихдаги энг катта пасайишлардан бирини қайд этиб, 14 фоизга қулади!
Оқ уй бу айбловларни «асоссиз» деб атамоқда. Аммо оддий математика бошқа нарсани айтяпти: савдо ҳажми одатдагидан 8,5 баробар кўп бўлган. Кимдир Трампнинг пости чиқишини сониясигача аниқ билган ва нефть нархи тушишидан олдин катта фойдани чўнтакка урган. Акциялар индекси эса 2,5 фоизга кўтарилиб, кимларнидир янада бойитди.
Энг ачинарлиси, АҚШ қонунчилигидаги «тешиклар»дир. Агар оддий чиновник инсайдерлик қилса, жаримаси бор-йўғи 200 доллар — худди нотўғри тўхташ учун тўланадиган жаримадек! Лекин энг асосийси: АҚШ Президенти инсайдерлик савдоси ҳақидаги қонунларга бўйсунмайди. Яъни, Трамп ўз пости билан бозорни хоҳлаганча ўйнатса ҳам, унга ҳеч қандай жиноий жазо берилмайди.
