3 000 000 сўмлик ойлик ва хотиннинг талоғи!..

3 000 000 сўмлик ойлик ва хотиннинг талоғи!..

 Бир оғиз сўз билан вайрон бўлган ҳаётлар

Биринчи ҳолат: Икки дўст суҳбатлашди. — Қаерда ишлайсан? — Фалон жойда. — Ойлигинг қанча? — 3 миллион сўм. — Атиги 3 миллионми? Шу ҳам пулми? Қандай етказасан? Бу гапни эшитган йигитнинг кўнгли ишидан совуди. Ишини ёмон кўриб қолди. Маошини оширишни сўраб, раҳбариятига шикоят қилди. Бошлиғи рад этгач, аразлаб ишдан бўшади. Илгари оз бўлса-да тайинли пули, иши бор эди. Энди эса тамоман ишсиз, даромадсиз қолди.

Иккинчи ҳолат: Бир аёл танишидан сўради: — Яқинда фарзандли бўлдингиз, муборак бўлсин! Хўш, эрингиз суюнчисига нима совға қилди? — Ҳеч нима… — Наҳотки? Шу тўғрими? Сиз шунча азоб билан унга фарзанд туғиб берсангиз-у, у арзимаган бўлса ҳам совға бермаса-я? Наҳотки сизнинг қадрингиз шунчалик паст бўлса? Бу заҳарли гаплар аёлнинг юрагига олов ёқди. Эри ишдан қайтганида уни ғазаб билан кутиб олди. Жанжал чиқди, оилавий муҳит бузилди. Оқибатда аёл совға эмас, «талоқ» олди. Вазият қаердан бошланди? Бировнинг ҳаётига бурнини суққан аёлнинг «шунчаки» айтган гапидан. У айтди ва кетди, аммо бир оилани вайрон қилди.

Учинчи ҳолат: Кекса ота хотиржам яшарди. Ундан сўрашди: — Нима учун ўғлингиз сизни кўришга тез-тез келиб турмайди? — Иши кўп, вақти кам-да, болам… — Наҳотки ўз отаси учун ҳам вақт тополмаса? Ишонасизми шу гапга? Ота ўғлидан рози эди. Энди эса гина қилишни бошлади. Қалбидаги хотиржамлик лойқаланди, фарзандига нисбатан меҳри ўрнини шубҳа ва алам эгаллади.


💡 Хулоса ва ибрат

Бундай саволлар ва «маслаҳатлар» ҳаммамизга ҳар куни берилади:

  • «Нимага буни сотиб олмайсан?»

  • «Қандай қилиб эрингга (хотинингга) чидайсан?»

  • «Қандай қилиб шундай яшашга йўл қўйдинг?»

Биз айтаётган оддийгина сўзимиз бошқа бировнинг ҳаётини остин-устун қилиб юбориши ҳақида ўйламаймиз. Набавий ахлоқ қоидаларидан бирига амал қилинг: «Бузғунчилардан бўлманг!»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши исломининг гўзаллиги — ўзи учун фойдасиз бўлган нарсаларни (беҳуда гап-сўз ва ишларни) тарк қилишидир», дедилар. (Термизий ривояти).

Азизлар! Бировнинг бахтига ҳасад билан, турмушига шубҳа билан боқманг. Тилимиз билан бировнинг оиласига ўт қўймайлик.

Дўстларингизга ҳам юборинг: