Босар-тусарларини билмай қолган АҚШ аскарлари Германия трассасида ҳаракатланаётган автомобилларга портловчи пакетлар отган
Германияда йўлтанламас машинада ҳаракатланаётган АҚШ ҳарбийлари йўлдаги бошқа автомобилларга мамлакат ҳудудида тақиқланган пиротехника воситаларини улоқтиришди. Бу ҳақда 31 март куни Бавариянинг Mittelbayerische Zeitung (MZ) минтақавий газетаси полиция маълумотларига таяниб хабар берди.
«Улар деразадан 20–30 та атрофида портловчи фейерверкларни улоқтиришган, уларнинг айримларини атайлаб рўпарадан келаётган машиналар томон отишган. Шунингдек, эркаклар тезликни ҳам оширишган деб тахмин қилинмоқда. Полициячилар йўлтанламани ниҳоят 20 километр масофадан сўнг Графенвёрда (Нойштадт-ан-дер-Вальднааб тумани) тўхтатишга муваффақ бўлишди. Айнан шу ерда АҚШ ҳарбийлари бошқарувидаги НАТОнинг Графенвёр полигони жойлашган», — дейилади нашр хабарида.
Маълум қилинишича, йўлтанламас ичида 20-21 ёшлардаги уч нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси бўлган. Қўлга олингандан сўнг улар АҚШ ҳарбий полициясига топширилган.
