«Замҳоким» бўлганига атига 5 ой ҳам бўлмаган Андижон вилояти ҳокими ўринбосари $50 минг билан ушланди
Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Исманов Исомиддин Бахриддинович 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда ушланган. Бу ҳақда Platina.uz манбаси хабар бермоқда.
ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари 2026 йил 4 апрел куни фуқаро С.Р.Т.нинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказган.
Аниқланишича, Исманов фуқаро С.Р.Т.га тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун Бобур шаҳри ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи орқали аукционга қўйдириб, унинг номига расмийлаштириб ва келгусида ушбу жойда қурилиш учун рухсатнома олиб беришини айтган.
Эвазига ҳар бир сотих ер учун 2 500 АҚШ долларидан жами 50 000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган. Шу куни С.Р.Т.дан кимёвий ишлов берилган 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўз уйида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан И.Б.Исмановга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Б.Исманов ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Маълумот учун, Исомиддин Исманов 2022-2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, 2025 йил май ойидан ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
2025 йил декабр ойида Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
