Афғонистондан Сурхондарёга 10 килодан ортиқ наркотик олиб кирган уч киши қамоққа олинди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида 35 килодан ортиқ наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилганини эълон қилди.
ДХХнинг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 2003-йилда туғилган ва 1998-йилда туғилган икки нафар фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб, қўшни республикадан Ўзбекистонга ўтган вақтларида қўлга олинган.
Қонунбузарларга тегишли 2 та спорт сумкаси ичида эса 4 кило 884 грамм опий ва 19 кило 863 грамм гашиш моддалари, шунингдек, 380 қути тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди ҳамда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳолат юзасидан наркокурерларга нисбатан Жиноят кодексининг 223, 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Афғонистондан контрабанда қилинган наркотик моддалар ашёвий далил сифатида олинди.
Жумладан, 1978, 1981 ва 2004-йилларда туғилган 3 нафар шахс давлат чегарасини бузган ҳолда, автомобил ғилдираги камераси ёрдамида Амударёдан сузиб ўтган вақтларида қўлга олинди. Текширув жараёнида уларнинг ёнида бўлган халталар ичида 2 кило 708 грамм опий ва 8 кило 257 грамм гашиш моддалари борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, наркосавдогарлар гиёҳвандлик воситаларини керакли манзилга етказиб беришлари эвазига ушбу курерларга ҳар бир килограмм юк учун 200 АҚШ доллари миқдорида пул ваъда қилишган.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 223 ва 246-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
