Боласини жимгина кўмадиган оналар!..

Боласини жимгина кўмадиган оналар!..

🌍 Африка: Дардларимга кулиб қайтдим

Африка — дунёнинг энг маҳзун, аммо энг кўп табассум қиладиган қитъаси. У ерда уйлар хароба, қоринлар оч, уст-бошлар юпун.

🖤 Ўлим билан юзма-юз

У ерда чақалоқлар ўлими шунчалик одатий ҳолки, оналар жигарбандининг жасадини қучоғига олиб, жимгина кўмиб келаверадилар.

Бир болакай ёнимга келди… Унинг оёқлари одамникига эмас, қуриган дарахт шохига ўхшарди. Бўксасидан пасти худди қотиб қолган ёғочдек. Шу ҳолида шифо умидида 50 километр пиёда юриб келибди!

🚜 Сабрнинг 20 соатлик имтиҳони

Манзилга етиш учун эски, совутгичи йўқ микроавтобусга миндик. Ҳайдовчидан сўрадим: «Қанчада етамиз?». У эса хотиржамгина: «Кўп эмас, насиб қилса 20 соатда», деб жавоб берди. Харитада яқин туюлган йўллар аслида полиз ариғидек ўйдим-чуқур… Йўлда қум бўронига чап бердик, сел ичида қолдик, кўприклар қулади, ғилдираклар ёрилди. Лекин таслим бўлмадик, чунки у ерда бизга муҳтож кўзлар бор эди.

🦎 Қумурсқалар билан «қўшничилик»

Африкада шифокор бўлиш — ҳар лаҳзада ҳаётингни хавфга қўйиш дегани. Малярия чивинлари, ОИТС, безгак… Ётоқхонамиз палата эмас, ерга солинган еттита тўшак эди. Устимизда қумирсқалар бемалол ўрмалаб юради, чигирткалар эса ҳатто овқатингиз ичига шўнғийди. Деразада калтакесаклар ичкарига кириш учун фурсат пойлайди.

🥣 Супурги уруғи — умрлик неъмат

Пул бор, лекин сотиб олишга ҳеч вақо йўқ. Топган энг катта бойлигимиз бир нечта картошка бўлди. Уни тиббий стерилизаторда пишириб, дунёнинг энг тансиқ таомидек едик.

Маҳаллий халқ эса супурги уруғига ўхшаш қаттиқ донларни тош билан эзиб, сувга қориб ичади. На ёғ бор, на пиёз, на туз. Қоринни шишириб, тўқлик ҳиссини берадиган мана шу «атала» билан бутун умрини ўтказаётган миллионлаб одамлар бор. Бошқа неъматлар таъмини билмай бу дунёдан ўтиб кетишади…

🍬 Қоғозли конфетнинг қадри

Бир куни тишини даволаётган беморимнинг ранги оқариб, ҳушидан кета бошлади. — Очмисиз? — деб сўрадим. У эса заҳарханда билан кулди: — Ким тўқ ўзи бу ерда?

Ўзимиз билан олиб борган қаймоқли печенье ва оддий конфетлар улар учун ҳаёт манбаига айланди. Бир парча ширинлик кимнингдир жонини сақлаб қолиши мумкинлигини ўшанда кўрдим.


🏠 Тошкент: Бойлик ичидаги камбағаллик

Уйга қайтдим. Бозорларимиз тўла, расталар мева-чеваю ширинликлардан синиб кетай деяпти. Лекин қўлимни чўзиб бирор нарса олишга юрагим дов бермайди. Худди ўша жингалак сочли, маюс кўзли болакайлар менга қараб тургандек, гўё ризқини мен еб қўяётгандекман…

Биз нақадар бахтлимиз ва нақадар ношукурмиз…

Дўстларингизга ҳам юборинг: