Футбол нечинчидир ўринда, пул керак, пул!
Жаҳон чемпионати бошланишига бор-йўғи икки ой қолганида, ФИФА ўйинлар учун янги турдаги чипталарни жорий қилди — «Биринчи тоифа 1» ва «Биринчи тоифа 2». Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда.
Булар қуйи яруснинг дастлабки қаторларидаги энг яхши жойлар бўлиб, илгари улар стандарт «1-тоифа» таркибига кирар эди. Энди эса ушбу жойлар алоҳида ва анча юқори нархларда сотилмоқда. Қайд этилишича, айрим ўйинлар учун ушбу чипталар нархи оддий «1-тоифа»га нисбатан икки баробар, ҳатто уч баробаргача қимматлашган. Масалан, Аргентинанинг Жазоир ва Австрияга қарши ўйинлари учун чипта нархи 770 доллардан 2300 долларгача кўтарилиб кетган.
Мухлислар ФИФА қишда «1-тоифа» чипталарини харид қилган харидорларга атайлаб унчалик яхши бўлмаган жойларни ажратган, деб гумон қилишмоқда. Уларнинг фикрича, ташкилот энг яхши қаторларни кейинчалик қимматроқ нархда сотиш учун олиб қўйган. Янги тоифадаги чипталарнинг пайдо бўлиши бу шубҳаларни янада кучайтирди.
ФИФА вакиллари ҳозирча нима учун ушбу жойлар қишда чипта сотиб олганларга берилмаганига изоҳ беришмади. Шунингдек, бозорда қанча миқдорда бундай «элита» чипталар сотувга чиқиши ҳам ҳали очиқланмаган.
