Мўйлов ортидаги машҳурлик!
Туркиялик сиёсатчи Орхан Авжи ўзининг ғайриоддий шаклдаги катта мўйлови туфайли ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб кетди. Фойдаланувчилар уни Марио ва Duolingo иловасидаги қаҳрамонларга қиёсламоқда.

Авжининг суратлари у маҳаллий “Ҳузур Партиси” партиясининг туман бўлими раҳбари лавозимига тайинланганидан сўнг кенг тарқалди. Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг диққатини унинг янги лавозими эмас, балки ташқи кўринишидаги ўзига хослик тортган.

Сиёсатчининг суратлари акс этган пост қисқа вақт ичида 2 миллиондан ортиқ кўрилган ва 1 миллиондан ортиқ “лайк” тўплаган. Пост остида қолдирилган изоҳларда фойдаланувчилар вазиятга ҳазил билан ёндашган. Хусусан, кузатувчилардан бири: “Бу одамнинг мўйловида юзи бор экан”, деб ёзган бўлса, бошқаси: “Тепадаги тўкилган сочлар пастда — мўйлов бўлиб ўсиб чиқибди”, дея муносабат билдирган.

Шунингдек, тармоқ фаоллари Орхан Авжини Марио, Duolingo иловасининг мўйловли персонажи ва бошқа мультфильм қаҳрамонларига ўхшатишмоқда.
