Рекорд кетидан рекорд!
Покистонлик машҳур рекордчи Муҳаммад Рашид Насим ўзининг навбатдаги натижасини Гиннеснинг рекордлар китобига муҳрлаб қўйди.
Бу сафар Рашид Насим 50 та ёпиқ алюминий банкани тирсаги билан энг тез уриб синдириш бўйича маҳорат кўрсатди. Спортчи барча банкаларни бор-йўғи 22,32 сония ичида пачоқлашга улгурди.
Насим бундан аввал ҳам ўзининг ҳайратланарли натижалари билан танилган эди:
Бир дақиқа ичида бокс қопига 386 марта зарба берган.
30 сония ичида боши билан 39 та ичимлик банкасини уриб синдирган.
30 сония ичида тирсак зарбалари билан 39 та ёнғоқни чаққан.
Муҳаммад Рашид Насим айни дамда дунёдаги энг кўп рекорд ўрнатган жанг санъати усталаридан бири саналади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 90 ёшли Анн Крайл Эсселстин турникда 2 дақиқа-ю 52 сония давомида осилиб туриб, Гиннеснинг рекордлар китобига киргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Шинжон-Уйғур автоном туманидаги Қашқар шаҳрида истиқомат қилувчи Али Муса арқонда сакраш бўйича жаҳон рекордини янгилаган эди.
