АҚШлик актриса “Аватар” фильмида ўз қиёфасидан рухсатсиз фойдаланишгани учун Жеймс Кемерон ва Disney’ни судга берди

АҚШлик актриса “Аватар” фильмида ўз қиёфасидан рухсатсиз фойдаланишгани учун Жеймс Кемерон ва Disney’ни судга берди

Америкалик актриса К’Орианка Килчер Жеймс Кемерон ва Disneyни судга бериб, ўз ташқи кўринишидан “Аватар” франшизаси қаҳрамони Нейтирини яратишда рухсатсиз фойдаланилганини даъво қилди. Бу суд жараёни ҳақида The New York Times хабар берди.

Суд ҳужжатларида айтилишича, Кемерон Нейтири персонажининг дизайни учун Килчернинг ўсмирликдаги суратини асос қилиб олган. Шикоятда қаҳрамон юзининг пастки қисмидаги хусусиятлар — лаблар, ияк, жағ чизиғи ва оғиз шакли айнан Килчерга тегишли экани таъкидланган.

К’орианка Килчернинг айтишича, 2010 йилда Камерон хайрия тадбирида у билан тасодифан учрашиб қолганида, Нейтирининг ташқи қиёфасини яратишда у “дастлабки илҳом манбаи” бўлганини айтган. Бироқ ўшанда актриса бу сўзларни юзининг тўлиқлиги кўчирилгани деб қабул қилмаган.

Даъво аризасига кўра, вазият Камероннинг 2024 йилда француз нашрига берган интервьюсидан сўнг ойдинлашган. Килчернинг таъкидлашича, ўшанда режиссёр актрисанинг номини тилга олиб, Нейтири тасвирига ишора қилган ва: “Бу, аслида, унинг юзининг пастки қисми”, деган. Актрисанинг сўзларига кўра, шундан кейин у судга мурожаат қилишга қарор қилган.

Килчер қиёфасидан рухсатсиз фойдаланиш орқали олинган “барча даромад”ни ҳам ўз ичига олган товон пули талаб қилмоқда. Аёл ўз даъвосида, жумладан, Калифорниядаги шахснинг розилигисиз унинг қиёфасидан фойдаланишга эътироз билдириш ҳуқуқини берувчи “Оммавий қиёфа ҳуқуқи тўғрисида”ги қонунига таянади.

Ҳозирга қадар Disney компанияси, Кэмерон ва унинг вакиллари актрисанинг даъвосига изоҳ беришмади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: