Таиланд ўнлаб давлатлар учун визасиз муддатни қисқартирди
Таиланд ҳукумати Россия, Украина, Буюк Британия, АҚШ, Австралия ва Европанинг аксарият давлатлари фуқаролари учун визасиз қолиш муддатини қисқартиришга қарор қилди.
Энди кўплаб хорижлик сайёҳлар мамлакатда аввалги 60 кун ўрнига фақат 30 кун визасиз қолиши мумкин бўлади. Айрим давлатлар фуқаролари эса мамлакатга киришда виза олиши шарт бўлади.
Аввалроқ, 2024 йил июль ойидан бошлаб Таиланд 93 давлат фуқаролари учун 60 кунлик визасиз режимни жорий қилган эди. Бу қарор коронавирус пандемиясидан кейин туризм соҳасини тиклаш мақсадида қабул қилинганди.
Бироқ энди Бангкок сиёсати кескин ўзгармоқда. Таиланд ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, янги чекловлар асосан хавфсизлик сабаблари билан жорий этилмоқда.
Сўнгги ҳафталарда мамлакатда гиёҳванд моддалар савдоси, жинсий эксплуатация, ўғирлик ва жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ бир қатор шов-шувли ҳолатлар қайд этилган. Шунингдек, айрим хорижликларнинг визада белгиланган муддатдан ортиқ қолиб кетиши ва рухсатсиз бизнес юритиши ҳам расмийларни хавотирга солмоқда.
Таиланд бош вазири Анутин Чарнвиракул ҳукумат виза сиёсатини иқтисодий ва миллий хавфсизлик манфаатларига мос равишда қайта кўриб чиққанини билдирди.
