Эбола: Конгода авиарейслар бекор қилинди
Конгода Эбола вируси билан боғлиқ вазият кескинлашмоқда, мамлакатда аллақачон авиарейслар бекор қилинган — Bloomberg.
Маҳаллий расмийлар ва Африка соғлиқни сақлаш органлари маълумотларига таяниб агентликнинг ёзишича, жума кунидаги ҳолатга кўра, Конгода ушбу вирусни юқтирганлар сони 867 кишига етган, 204 киши эса вафот этган. Шу билан бирга, вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган, аниқланган 1745 нафар шахснинг атиги бешдан бир қисминигина кузатувга олиш имкони бўлган.
Эпидемия маркази — Уганда билан чегарадош бўлган Итури провинциясидир. У ерда аллақачон авиарейслар бекор қилинган.
«Бу шундоқ ҳам заиф бўлган соғлиқни сақлаш тизимига қўшимча оғирлик туғдирмоқда ва расмийларни кўпроқ соғлиқни сақлашнинг энг оддий чораларига таянишга мажбур қиляпти, чунки вируснинг ушбу камёб турига қарши ҳали тасдиқланган вакцина ёки антитаналар билан даволаш усули мавжуд эмас», — деб ёзмоқда агентлик.
Маҳаллий тиббиёт мутахассислари вакциналар ва янги даволаш усуллари йўқлигидан шикоят қилишяпти. Халқаро ташкилотлар томонидан миллионлаб доллар ажратилганига қарамай, шифокорларга ҳанузгача ҳатто энг оддий ашёлар, масалан, шахсий ҳимоя воситалари ҳам етишмаяпти.
Шунингдек, Африка давлатлари — Конго, Уганда ва Жанубий Судан ўртасидаги чегаралар яхши қўриқланмаслиги сабабли вируснинг қўшни мамлакатларга тарқалиш хавфи мавжуд, дейилади хабарда.
