МРБнинг собиқ ходими уйидан 40 миллион долларлик олтин қуймалари топилди

МРБнинг собиқ ходими уйидан 40 миллион долларлик олтин қуймалари топилди

АҚШ ҳукуматининг собиқ юқори мартабали мулозими, FBR агентлари унинг Виржиния штатидаги уйидан қиймати 40 миллион доллардан ортиқ бўлган юзлаб олтин қуймаларини топганидан сўнг ҳибсга олинди. Суд ҳужжатларига кўра, Девид Раш сўнгги бир йил давомида гўёки “хизмат харажатлари” учун АҚШ ҳукуматидан қайта-қайта олтин қуймаларини сўраб келган. Ўтган ҳафтада унга нисбатан давлат маблағларини ўзлаштириш айби қўйилган.

“Тҳе New York Times” нашрининг маълумотларига кўра, Раш яқин вақтгача МРБда (Марказий разведка бошқармаси) юқори лавозимни эгаллаб келган. У қўлга олинган ва шу ҳафта бўлиб ўтадиган суд мажлисигача ҳибсда қолади. Унинг адвокати ҳозирча изоҳ беришдан бош тортган. Тинтув давомида ФБР агентлари, шунингдек, 2 миллион долларга яқин нақд пул ҳамда 35 та ҳашаматли қўл соатларини топган бўлиб, уларнинг аксарияти — “Ролех” маркасига тегишли бўлган.

Иш материалларида қайд этилишича, Раш ўта махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлган. У ҳукуматга ишга кираётганда ўзининг маълумоти ва ҳарбий хизмати ҳақида ёлғон маълумотлар берганликда ҳам айбланмоқда. Бундан ташқари, унга ҳарбий таътилни фирибгарлик йўли билан расмийлаштириб, минглаб доллар тўловларни ноқонуний олганлик айби қўйилган.

ФБР гумонланувчини 19 май куни МРБ мурожаатидан сўнг ҳибсга олган. МРБ директори Жон Ретклифф ички текширув натижасида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлагач, маълумотларни жиноий тергов ўтказиш учун ФБРга топширган. Маълум бўлишича, 2025 йилнинг ноябридан 2026 йилнинг мартигача Раш бир неча бор “иш харажатлари” учун ўн миллионлаб долларлик олтин қуймалари ва йирик миқдордаги хорижий валюта сўраб мурожаат қилган ва улар унга берилган.

Кейинчалик МРБ на олтин қуймаларини, на йирик миқдордаги хорижий валютани топа олмаган. Шунингдек, олинган маблағлар ва олтин айнан қандай ишлатилганини тушунтирувчи бирорта ҳисобот ёки ҳужжат мавжуд эмас. 18 май куни ФБР Рашнинг уйида ўтказган тинтув давомида ҳар бирининг вазни тахминан бир килограмм бўлган 303 та олтин қуймасини мусодара қилди. Ҳозирги бозор нархлари бўйича ушбу топилманинг қиймати 40 миллион доллардан ошади. Суд ҳужжатларида Раш нима сабабдан олтин ва нақд пулларни ўз уйида сақлаганига аниқлик киритилмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: