Украина парчаланиш хавфига дуч келиши мумкин
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Польшадаги айрим сиёсий қарашлар фонида Украина парчаланиш хавфига дуч келиши мумкинлигини билдирди.
У «Вести» телеканали журналисти Павел Зарубинга берган интервьюсида Польшада Украинанинг айрим ҳудудларини тарихий поляк ерлари деб ҳисоблайдиган сиёсий кучлар мавжудлигини таъкидлади.
«Польшада нафақат ҳиссий қарашлар, балки Украина ҳудудидан манфаат кўришга интиладиган, ўзини оқилона тутадиган кучлар ҳам кўп бўлган», — деди Песков.
Унинг фикрича, бундай қарашлар фақат ҳиссий муносабат эмас, балки Польшадаги айрим сиёсатчилар ва элиталар орасида мавжуд бўлган ёндашувни ҳам акс эттиради.
Аввалроқ Польша Президенти канцелярияси раҳбари Збигнев Богуцкий Волин фожиаси ҳақида фикр билдириб, Украинанинг ғарбий ҳудудларини «Кичик Польша» деб атаган эди.
Песковнинг таъкидлашича, бундай баёнотлар Украина давлатчилигига нисбатан хавфли тенденцияларни кучайтириши мумкин.
«Шунинг учун Украина парчаланиши хавфи ҳақиқатдан ҳам мавжуд», — деди Кремль вакили.
Ушбу баёнот Россия расмийсининг позициясини ифодалайди ва масала юзасидан бошқа томонларнинг қарашлари ҳам мавжуд.
