Германияда жазирама иссиқ ҳаво туфайли 5000 дан ортиқ одам вафот этди
Роберт Кох институти (РКИ) ҳисоб-китобларига кўра, июн ойининг охирига келиб Германияда аномал иссиқ ҳаво оқибатида тахминан 5120 киши ҳаётдан кўз юмди. Энг даҳшатли ҳолат 22 июндан 28 июнгача бўлган биргина ўта иссиқ ҳафтада кузатилди, ўша кунлари 4310 киши вафот этди.
Таққослаш учун, 2025 йил давомида юқори ҳарорат туфайли 2600 га яқин киши ҳалок бўлганди. Жазирама билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг 80 фоиздан ортиғи 75 ёшдан ошган қарияларга тўғри келмоқда.
Шунингдек, вафот этганлар орасида аёллар эркакларга қараганда кўпроқ. РКИ мутахассисларининг тушунтиришича, буни катта ёшли аҳоли гуруҳларида аёлларнинг улуши кўплиги билан изоҳлаш мумкин.
Аввалроқ Франция, Нидерландия ва Белгияда июн ойидаги аномал иссиқ ҳаво оқибатида камида 3700 та ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида маълум қилинганди.
