Покистон ва Ўзбекистон транзит савдосини Хитой орқали йўлга қўймоқчи

Покистон ва Ўзбекистон транзит савдосини Хитой орқали йўлга қўймоқчи

Покистон ва Ўзбекистон икки томонлама транзит савдосини Хитой орқали амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Бу қарор Афғонистон орқали ўтувчи савдо йўлакларининг ёпилиши ҳамда минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли қабул қилинмоқда.

Томонлар 21 июль куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосарининг Покистонга ташрифи доирасида Покистон–Ўзбекистон транзит савдоси тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича протоколни имзолаши кутилмоқда, дейилади Пакистан Today хабарида.

Янгиланган ҳужжатга кўра, Хитой орқали ўтувчи янги йўналиш расман транзит йўлакларидан бири сифатида киритилади. Юклар Покистоннинг Сост қуруқлик порти орқали Хитойнинг ғарбий қисмига, у ердан эса Марказий Осиё давлатларига, жумладан Ўзбекистонга етказилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Покистон денгиз портларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади.

Аввалроқ Покистон учун энг қисқа ва иқтисодий жиҳатдан энг қулай йўл Афғонистон орқали ўтар эди. Бироқ 2025 йил кузида Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашгач, Торхам ва Чаман каби асосий чегара ўтиш пунктлари ёпилди. Бу нафақат Марказий Осиёга транзитни, балки Афғонистонга экспортни ҳам жиддий чеклади.

Покистон муаммони ҳал қилиш учун аввал Эрон орқали муқобил йўналишни фаоллаштирган эди. Аммо Эрон атрофидаги ҳарбий кескинлик ва Хурмуз бўғозидаги хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар мазкур маршрутнинг ишончлилигини пасайтирган.

Шу боис, Хитой орқали янги йўналиш Покистон ва Ўзбекистон учун Афғонистон ҳамда Эронни четлаб ўтувчи барқарор транзит имкониятини яратади. Бу йўл узоқроқ ва қимматроқ бўлиши мумкин, аммо минтақадаги хавфсизлик хавфлари шароитида муҳим захира маршрути сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. 2025 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 445,9 миллион долларга етган. Шундан Покистоннинг Ўзбекистонга экспорти 120,9 миллион доллар, Ўзбекистондан импорти эса 325 миллион долларни ташкил этган.

Хабарга кўра, янги келишув Афғонистон орқали ўтувчи қисқа маршрут ўрнини тўлиқ босмаса-да, Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини битта транзит йўлига боғлаб қўймаслик ва ташқи хавфларга чидамли логистика тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: