Жаҳон ислом молияси 4,4 трлн АҚШ долларини ташкил этди
Ислом молиявий хизматлар кенгашининг 2026 йилги ҳисоботига кўра, жаҳон ислом молияси саноатининг умумий активлари 2025 йилда 4,4 трлн АҚШ долларига етди. Бир йиллик ўсиш 13,4 фоизни ташкил қилди. Бундай суръатга қулай молиялаштириш шароитлари, исломий молиявий маҳсулотларга талаб ва янги бозорларнинг кенгайиши туртки берган.
Тармоқда асосий улуш ҳамон ислом банкларига тўғри келади. Уларнинг активлари 3,05 трлн долларга етган ва умумий бозорнинг 69,3 фоизини ташкил қилган. Банк активлари бир йилда 9,7 фоизга ўсган. 2020 йилдан буён бутун тармоқ активлари 1,7 трлн долларга кўпайган.
Энг юқори ўсиш ислом инвестиция жамғармаларида қайд этилди — 25,6 фоиз. Сукук бозори 21,8 фоизга кенгайиб, муомаладаги сукук ҳажми 1 трлн долларлик маррадан ошди. Беш йиллик ўртача йиллик ўсиш суръати 10,3 фоизни ташкил этган.
Ҳисоботга кўра, ислом молияси активларининг энг катта қисми Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатларига тўғри келади. Бу ҳудуд ҳиссаси 53,8 фоиз бўлиб, активлар ҳажми 2,37 трлн долларга яқинлашган. Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси 21,3 фоиз улуш билан иккинчи ўринда.
Соҳанинг банкдан ташқари сегментлари тезроқ ўсмоқда. Ислом инвестиция жамғармалари умумий активларнинг 4,1 фоизини, ислом суғуртаси ёки такафул эса 1,6 фоизини ташкил қилган. Такафул активларида йиллик ўсиш 13,9 фоиз бўлган. Бу капитал бозори ва инвестиция йўналишлари аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Кенгаш айрим мамлакатларда ислом молияси муқобил хизмат эмас, балки миллий молия тизимининг асосий қисмларидан бирига айланаётганини қайд этади. Африка ва Марказий Осиёда янги бозорлар шаклланиб, тартибга солиш инфратузилмаси кенгаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларни лицензиялаш тартиб-таомиллари белгилангани ҳақида хабар берилганди.
