Исландияликлар Европа Иттифоқига қўшилиш масаласи бўйича овоз беришни бошлади
Исландияда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни қайта бошлаши масаласида муддатидан олдин овоз бериш жараёни старт олди. Овоз бериш 29 август куни ўтказиладиган умумхалқ референдуми билан якунланади.
Референдумда фуқаролар Исландиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича расмий музокараларни қайта тиклаши керакми ёки йўқми, деган саволга жавоб беради. Сўнгги ижтимоий сўровларга кўра, бу масалада жамият фикри деярли тенг иккига бўлинган.
Исландия 2010 йилда Европа Иттифоқига қўшилиш музокараларини бошлаган, аммо 2013 йилда иқтисодий тикланиш ва балиқ овлаш ҳуқуқлари бўйича келишмовчиликлар сабабли жараён тўхтатилган эди.
Агар референдум иштирокчиларининг кўпчилиги музокараларни қайта бошлашни қўллаб-қувватласа ҳам, бу Исландиянинг дарҳол Европа Иттифоқига аъзо бўлишини англатмайди. Аввало Брюссель билан музокаралар якунланиши, сўнгра аъзолик бўйича яна бир референдум ўтказилиши лозим бўлади.
Исландия ҳозирнинг ўзида Шенген ҳудуди ва Европа иқтисодий ҳудуди таркибига киради, шу боис мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграцияси бошқа номзод давлатларга нисбатан осонроқ кечиши мумкин.
