Германия 2038 ёки 2042 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишни истамоқда

Германия 2038 ёки 2042 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишни истамоқда

2026 йилги жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг Германия 2038 ёки 2042 йилги мундиални қабул қилиш истагини билдирди. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда.

Бу ҳақдаги баёнотни «Айнтрахт» бош директори ва Германия футбол иттифоқи бошқаруви аъзоси Аксель Хельманн берди.

 

«Биз жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишни жуда истардик. Германия футбол иттифоқи ҳам, унинг президенти Бернд Нойендорф ҳам 2042 йилги, балки 2038 йилги мундиалга номзод қўйиш истагига эга. Барчаси ФИФА регламентига боғлиқ. Германияда бунинг учун зарур инфратузилма — стадионлар, транспорт ва меҳмонхона тармоғи мавжуд. Ҳар бир учрашув аншлаг билан ўтади. Бу катта муваффақият бўлади.

 

2038 йил учун ҳам имконият мавжуд, аммо 2042 йилги мундиални муваффақиятли ўтказиш бўйича имкониятларимиз жуда юқори эканига ишонаман.

 

Бир нарса аниқ: Германияда бундай турнирни ўтказиш учун керак бўлган барча шароит бор. Етарли сиғимга эга стадионлар, машғулот майдонлари ва зарур инфратузилма мавжуд. Бироқ айрим стадионларни замонавийлаштириш ёки янгилаш талаб этилади.

 

2006 йилги жаҳон чемпионатидан кейин Германия ҳақидаги тасаввур тубдан ўзгарди. Илгари «немислар жуда жиддий» деган қараш ўрнини «Германия — меҳмондўст ва ажойиб мамлакат» деган фикр эгаллади. Бу жаҳон бозорида улкан имкониятлар яратди. Ўша чемпионат биз амалга оширган энг муваффақиятли маркетинг кампанияси бўлган. Шунингдек, жамоат транспортига сармоя киритдик ва бу бутун жамият учун узоқ муддатли фойда келтириши мумкин», — деди Хельманн.

 

Эслатиб ўтамиз, 2030 йилги жаҳон чемпионати Испания, Португалия ва Марокашда бўлиб ўтади. Шунингдек, мусобақанинг айрим учрашувларига Уругвай, Аргентина ва Парагвай мезбонлик қилади. 2034 йилги мундиал эса Саудия Арабистонида ташкил этилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: