Мисрда 3500 йил аввал барпо этилган қадимий аҳоли манзилгоҳи топилди
Миср археологлари мамлакатнинг шарқий қисмидаги Вади Тумилат ҳудудида тахминан 3500 йил аввал барпо этилган қадимий аҳоли манзилгоҳини аниқлади. Қазиш ишлари давомида лой ғиштдан қурилган уйлар, ўнта қабр ва дон сақлаш учун мўлжалланган омборлар топилган.
Шунингдек, ҳудуддан нон пишириш ўчоқлари, бронза буюмлар ҳамда турли сопол идишлар олиб чиқилган. Топилмалар бу ерда одамлар муқим яшагани, деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланганини кўрсатади.
Олимларнинг билдиришича, мазкур манзилгоҳ қадимги Миср тарихида савдо алоқалари фаол бўлган даврга тегишли. Ўша пайтда Вади Тумилат муҳим савдо йўллари кесишган ҳудудлардан бири бўлган.
Археологлар топилмалар орқали қадимги мисрликларнинг кундалик ҳаёти, касб-кори ва савдо муносабатларини янада чуқурроқ ўрганишни режалаштирмоқда.
