Шаҳрисабз шаҳрига «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» халқаро мақоми берилди

Шаҳрисабз шаҳрига «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» халқаро мақоми берилди

Шаҳрисабз шаҳрида «ИРОҚИ» халқаро каштачилик фестивалининг якуний маросими доирасида шаҳарнинг ҳунармандчилик соҳасидаги халқаро мақомига оид муҳим тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши AISBL (International) президенти Саад Ал-Қаддумий Шаҳрисабз шаҳри 2026 йилда каштачилик йўналишида «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» мақомига сазовор бўлганини расман эълон қилди.

Шаҳрисабз шаҳрига мазкур халқаро мақомнинг берилиши шаҳарда асрлар давомида шаклланган ҳунармандчилик анъаналари, хусусан, миллий каштачилик санъатининг ўзига хос йўналиши бўлган «ироқи» каштачилигининг халқаро даражада эътироф этилганидан далолат беради.

Тадбир давомида «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» мақомини тасдиқловчи халқаро сертификат Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Шерзод Бўриевга тантанали равишда топширилди.

Мазкур мақом Шаҳрисабзнинг ҳунармандчилик ва маданий мерос соҳасидаги мавқеини халқаро миқёсда янада мустаҳкамлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, маҳаллий усталарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда шаҳарнинг туристик салоҳиятини ошириш учун муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, халқаро эътироф Шаҳрисабз шаҳрини ҳунармандчилик ва маданий туризмнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида халқаро туристик бозорларда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: