NATO Россиянинг Бoлтиқбўйи мамлакатларига эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда
Bild нашрининг манбаларига таяниб хабар беришича, алянс Россия қўшинлари Эстония, Латвия ёки Литвага ҳужум қилган тақдирда ҳаракат қилиш мақсадида уч босқичли режа ишлаб чиққан. Асосий мақсад ҳужумни тўхтатиш ва Россия кучларини максимал даражада заифлаштиришдир.
Биринчи босқич ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) ҳужумларини бостиришдан иборат. Бунинг учун NATO Россия ракета мажмуаларини йўқ қилишда қирувчи самолётлар, ракеталар ва дронлардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Кўплаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда ракета мажмуалари жойлаштирилган Калининград вилояти асосий нишонлардан бирига айланиши мумкин.
Шунингдек, Россия ва Беларус билан чегараларда “автоном зона” деб аталувчи ҳудуд яратиш кўзда тутилган. Унда NATO ҳарбий хизматчилари бўлмайди: илгарилаётган Россия қўшинларига қарши дронлар ҳамда ерусти роботлаштирилган тизимлари ҳаракат қилади.
Кейинги босқичда NATO бевосита Россия ҳудудига зарбалар бериши мумкин. Махсус топшириқ берилган кучлар ҳарбий ва логистика объектларини: аэродромлар, мудофаа корхоналари, кўприклар ҳамда қўшин ва техникаларни ташиш учун фойдаланиладиган темирйўлларни йўқ қилиши керак бўлади. Алянс, шунингдек, Владимир Путинга қарши бўлган россияликларнинг ёрдамига ҳам умид қилмоқда.
NATO Россияга дронлар ва роботларни ташиш учун “ҳаво кўприги”ни яратишни режалаштирмоқда. Улар, жумладан, аеродромлар ҳамда ҳарбий базаларга ҳужум қилади. Шу билан бирга, алянсдагилар Россия ҳудудини эгаллаб олиш режалаштирилмаганини таъкидламоқда. Вазифа Россия қўшинларини чегарагача суриб чиқаришдан иборат.
Bild’нинг қайд этишича, NATO ушбу режаларни сир сақламоқчи эмас. Ҳарбийларнинг фикрига кўра, тийиб туриш омили фақат душман алянс мамлакатига ҳужум қилган тақдирда нималарга дуч келишини олдиндан билсагина ишлайди.
