Пентагон Tomahawk ракеталари ишлаб чиқариш учун 22,9 млрд долларлик шартнома имзолади
АҚШ Мудофаа вазирлиги RTX таркибига кирувчи Raytheon компанияси билан АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари учун Tomahawk қанотли ракеталарини жадал ишлаб чиқариш бўйича 22,9 млрд долларлик шартнома тузди.
Бу ҳақда Пентагон расмий сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, шартнома ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва АҚШ Қуролли кучларининг узоқ масофага зарба беришдаги асосий воситаларидан бири ҳисобланган Tomahawk ракеталарини етказиб бериш суръатини оширишга қаратилган.
«Вазирлик саноат корхоналарини ўқ-дорилар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга чақирди ва RTX бу чақириққа жавоб берди», — деди АҚШ мудофаа вазири ўринбосари, харидлар ва таъминот масалаларига масъул Майкл П. Даффи.
Унинг сўзларига кўра, мазкур шартнома Вашингтоннинг ҳарбий имкониятларини кенгайтиради ҳамда америкалик ҳарбий хизматчиларни жанговар ҳаракатлар учун зарур воситалар билан таъминлаш имконини беради.
Пентагон таъкидлашича, келишув мудофаа саноатига янги ходимларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва таъминот занжирларини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган узоқ муддатли барқарорликни ҳам таъминлайди.
Шунингдек, бу шартнома АҚШ Мудофаа вазирлигининг харидлар тизимини трансформация қилиш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади. У муҳим қурол-яроғларни тезроқ етказиб бериш ва харид жараёнларининг муддатини қисқартиришни назарда тутади.
