Германия Исроилга қарши янги санкциялар жорий этилишини истисно қилмади
Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефуль Исроилга нисбатан Европа Иттифоқи миқёсида янги санкциялар жорий этилишини истисно қилмади.
Вадефуль Neue Berliner Redaktionsgesellschaft медиагуруҳига берган интервьюсида Европа Иттифоқи аввал ҳам исроиллик кўчманчилар билан боғлиқ айрим ташкилотларга нисбатан чеклов чораларини қўллаганини эслатди.
«Биз бу даражада кейинги қадамларни ҳам муҳокама қиламиз. Айниқса, Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан», — деди Германия ташқи ишлар вазири.
Сўнгги кунларда Германияда Бен-Гвирга нисбатан санкциялар қўллаш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда. Вадефуль унинг Ғазо бўйича сўнгги баёнотларини «мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган» деб атаган ва эҳтимолий чоралар Европа Иттифоқи доирасида муҳокама қилинишини билдирган.
