Қатар Эрондаги уруш сабаб бюджетини 30 фоизга қисқартирди. Хорижга ажратиладиган гуманитар ёрдам эса қарийб 85 фоизга камайтирилди

Қатар Эрондаги уруш сабаб бюджетини 30 фоизга қисқартирди. Хорижга ажратиладиган гуманитар ёрдам эса қарийб 85 фоизга камайтирилди

Financial Times нашрининг манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ-Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш оқибатларини юмшатиш учун Доҳа расмийлари харажатларни янада қисқартиришни режалаштирмоқда.

Қатар даромадининг асосий қисми суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспортига таянади. Эроннинг мамлакатдаги АҚШ базаларига жавоб зарбалари газ ишлаб чиқаришни издан чиқарган. Қолган маҳсулотни Ҳўрмуз бўғози орқали олиб ўтиш ҳам қийинлашган. Жараёндан хабардор учта манбанинг маълум қилишича, бюджет қисқартирилишига газдан келадиган даромаднинг кескин тушиб кетиши сабаб бўлган.

Глобал масалалар бўйича Яқин Шарқ кенгаши катта илмий ходими Ториқ Юсуфнинг айтишича, агар инқироз йилнинг охирги чорагида ҳам давом этса, Доҳа 2027 йилда харажатларни янада кўпроқ қисқартиради.

Доҳа хорижий ёрдамлар учун қанча маблағ сарфлашини тўлиқ очиқламайди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда мамлакат БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасига 1,5 миллиард доллар ўтказган ва энг йирик бешта донор қаторига кирган.

Дунё бўйича энг кўп СТГ экспорт қилувчи Рас-Лаффан мажмуаси феврал ойида, уруш бошланганининг тўртинчи кунида Эрон дронлари ва ракеталари ҳужумига учраган эди. Эрон март ойида заводга яна бир бор зарба берган.

Шунингдек, бу мажмуада 21 июн куни кучли портлаш юз берган. Ҳодиса ортидан келиб чиққан ёнғин оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлиб, яна 66 киши жароҳатланган. Оқибатда экспорт қувватининг 17 фоизи ишдан чиққан. Заводни таъмирлаш учун 5 йилгача вақт кетиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: