Исроил ва Туркия Сурияда тўқнашувнинг олдини олиш учун махфий алоқа каналларини сақламоқда

Исроил ва Туркия Сурияда тўқнашувнинг олдини олиш учун махфий алоқа каналларини сақламоқда

Исроил ва Туркия Сурия ҳудудида икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув юз беришининг олдини олиш мақсадида ёпиқ алоқа каналларини сақлаб турибди. Бу ҳақда якшанба куни Исроилнинг КАН телеканали хавфсизлик тизимидаги манбасига таяниб хабар берди.

Манбага кўра, ушбу каналлар орқали томонлар бир-бирига огоҳлантиришлар ва тасодифий тўқнашувларнинг олдини олишга қаратилган бошқа хабарларни етказиб туради.

«Агар дипломатик сигналлар натижа бермаса, Исроил ҳаракат қилишга мажбур бўлади», — деган манба.

КАН маълумотига кўра, Исроил Туркиянинг Суриядаги ҳарбий иштирокини кенгайтириши бўйича ўз «қизил чизиқлари»ни белгилаб олган. Тел-Авивни, айниқса, Туркиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радарлар, учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталарни Сурия ҳудудига жойлаштириш эҳтимоли ташвишга солмоқда. Исроил томони бундай қурол-яроғ ва тизимлар мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг Сурия осмонида эркин ҳаракатланиш имкониятини чеклаши мумкинлигидан хавотирда.

Икки давлат ўртасидаги зиддият 18 август куни Исроил Суриянинг шимоли-ғарбида, Туркия чегарасидан тахминан 70 километр узоқликда жойлашган Абу ад-Дуҳур ҳарбий аэродромига зарба берганидан кейин янада очиқ тус олди.

Сурия ОАВ маълумотига кўра, аэродромнинг учиш-қўниш йўлаклари ва бошқа объектларига саккиз марта зарба берилган. КАН эса Исроил ҳужумдан олдин АҚШни Туркия ушбу аэродромга радар, кейинчалик эса туркиялик ҳарбийлар хизмат кўрсатадиган ҳаво мудофаа тизимларини жойлаштиришга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирганини хабар қилди.

Туркия бу маълумотларни рад этди. Анқара Мудофаа вазирлиги Исроил ҳужумидан олдин ҳам, ҳужум вақтида ҳам аэродромда Туркия ҳарбий делегацияси бўлмаганини маълум қилди.

Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шибаний эса туркиялик офицерлар аввалроқ Абу ад-Дуҳурга ташриф буюрганини тасдиқлади. Унинг айтишича, ташриф ҳарбий тайёргарлик ва тажриба алмашиш соҳасидаги ҳамкорлик билан боғлиқ бўлган, аэродромга Туркия қўшинларини жойлаштириш режалаштирилмаган.

Исроил зарбаси Вашингтоннинг кескин муносабатига сабаб бўлди. АҚШ президенти Дональд Трампнинг Сурия бўйича махсус вакили ва АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак ҳужумни «кераксиз кескинлашув» деб атаб, у Исроил ва Туркия ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашувга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Шундан сўнг АҚШ Исроил, Туркия ва Сурия ўртасида ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олиш механизмини ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштирди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: