Эрон БМТдан АҚШ санкцияларини қоралашни сўради

Эрон БМТдан АҚШ санкцияларини қоралашни сўради

Теҳрон БМТни АҚШ томонидан Эронга нисбатан қўлланаётган мажбурлов чоралари ва иккиламчи санкцияларни қоралашга чақирди.

Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчининг БМТ бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида айтилган. Ҳужжат вазирнинг Telegram-каналида эълон қилинган.

«Эрон, шунингдек, БМТ бош котибини мазкур чораларнинг инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқларига таъсирини баҳолаш ҳамда бу ҳақда ҳисобот тақдим этишга чақиради. Жумладан, уларнинг тинч аҳолининг озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий хизмат, энергия ресурслари, транспорт, гуманитар ёрдам ва муносиб ҳаёт учун зарур бўлган бошқа воситалардан фойдаланишига таъсири ўрганилиши керак. Шунингдек, кейинчалик мустақил баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва тегишли далилларни сақлаш таъминланиши лозим», — дейилади мактубда.

Арагчи Эрон етказилган зарарни қоплаш учун мавжуд барча ҳуқуқий механизмлардан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини таъкидлади.

«АҚШ Эрон халқига етказилган зарар учун тўлиқ халқаро жавобгарликни ўз зиммасига олади. Тегишли ҳуқуқий асослар аниқланса, айрим шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», — деди у.

Аввалроқ АҚШ молия вазири Скотт Бессент Теҳрон билан алоқадорликда айбланган 60 дан ортиқ ташкилот, жисмоний шахс ва кемаларга нисбатан санкциялар жорий этилганини маълум қилган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: