Медузалар босқини Франциянинг энг йирик АЭС фаолиятини издан чиқарди
Франция шимолидаги «Гравлин» атом электр станцияси фильтрация тизимига қарийб 200 тонна медуза ёпирилиб келиши оқибатида реакторлар иши қисман тўхтатилди. Бу ҳақда АЭС оператори EDF компанияси баёнотига таяниб BBC ва бошқа халқаро ОАВлар хабар бермоқда.
Шимолий денгиз соҳилида жойлашган мазкур станция реакторларни совитиш учун сувдан фойдаланади. Аммо медузалар тўдаси сув олиш тизими фильтрларини тўсиб қўйган. «Гравлин» Ғарбий Европадаги энг йирик АЭС ҳисобланиб, унинг 6 та энергоблокининг ҳар бири 900 МВт қувватга эга. Айни пайтда уларнинг ҳеч бири тўлиқ қувватда ишламаяпти: баъзилари техник ишлар, қолганлари эса хавфсизлик чораси сифатида пасайтирилган қувватда ишламоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши сабабли сув ҳароратининг кўтарилиши Шимолий денгиз соҳилларида медузалар сони кескин ортишига олиб келмоқда. Мазкур ҳолат станцияда биринчи марта кузатилаётгани йўқ, ўтган йилнинг август ойида ҳам шундай муаммо туфайли АЭС фаолияти чекланган эди.
