Саудия Арабистони Яман ҳусийларига қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга тайёргарлик кўрмоқда

Саудия Арабистони Яман ҳусийларига қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга тайёргарлик кўрмоқда

The New York Times нашрнинг ёзишича, қироллик ўз шифохона, кема, аэропортлар ва нефт объектларига бир неча ҳафта давом этган ҳужумлардан сўнг шундай қарорга келган. Бу АҚШнинг Эрон ва унинг иттифоқчиси бўлмиш ҳусийларга қарши урушида янги фронт очиши мумкин. Исмини ошкор этишни хоҳламаган Саудия расмийси Ар-Риёд тинчликни афзал кўришини, аммо урушга ҳам тайёрлигини ва ҳар қандай восита билан ўзини ҳимоя қилишини билдирди. Унинг айтишича, гар ҳусийлар ҳужумларни давом эттирса, қироллик Яман ҳукумати ва ҳусийларга қарши коалицияни қўллаб-қувватлаш учун ҳаво зарбалари беришга тайёр бўлади. Таҳлилчилар Саудия Арабистони гуруҳни заифлаштиришга ва уни ўзига мақбул шартларда музокара ўтказишга мажбур қилишга уриниши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ томонлар ўртасида йиллар давомида сақланиб келган мулоқот каналлари узилган. Ҳусийлар эса ўз ҳужумларини “олдини олувчи чора” деб изоҳламоқда. Улар Саудия Арабистони ва Яман ҳукуматларини қуруқликдаги ҳужумга тайёргарлик кўришда айбламоқда. Ҳусийлар вакили Муҳаммад ал-Бухайтий гуруҳ Саудия билан амалда уруш ҳолатида эканини айтди. У кенг кўламли низо келиб чиқса, қиролликдаги барча нефт ва муҳим инфратузилма объектларни йўқ қилишга ваъда берди. Шу билан бирга, NYT Саудия Арабистонида урушдан қочиш учун сабаблар етарли эканини қайд этмоқда. Янги низо мамлакат молияси ҳамда мудофаа захираларини тугатиши мумкин. Шунингдек, валиаҳд шаҳзоданинг қиролликни бизнес ва туризм марказига айлантириш режаларига хавф солади. Бироқ ҳусийлар музокарага тайёр эмас ва Эрон манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: