Bloomberg: Россия Украинада кенг кўламли эскалацияга тайёрланмоқда

Bloomberg: Россия Украинада кенг кўламли эскалацияга тайёрланмоқда

Bloomberg агентлиги Кремлга яқин уч манбага таяниб, Россия Украинадаги урушни кенг кўламда кучайтириш вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди.

Манбаларнинг айтишича, Владимир Путин Украинага қарши баллистик ракеталар билан зарбаларни кучайтиришга тайёрланмоқда. Шу билан бирга, Кремл атрофида тактик ядровий қуролдан фойдаланиш имконияти ҳақида ҳам гаплар кўпайган.

Агентликка кўра, Россия раҳбариятида урушда кўзланган мақсадларга музокаралар орқали эришиб бўлмайди, деган қараш кучайиб бормоқда.

Ғарб санкциялари, шунингдек, Украинанинг Россия нефтьни қайта ишлаш заводлари ва логистика объектларига ҳужумлари ҳам Москва позициясини юмшатмагани айтилмоқда. Аксинча, Кремлда Украина томонидан амалга оширилаётган айрим ҳужумлар Киевни қурол-яроғ ва разведка маълумотлари билан таъминлаётган НАТО давлатларининг ҳаракатлари сифатида кўрилаётгани қайд этилган.

Bloomberg манбалари оғир ракета зарбалари Украина шаҳарларидаги муҳим инфратузилма объектларига қаратilishi мумкинлигини билдирган.

Шу билан бирга, агентлик ядровий қуролдан фойдаланиш бўйича ҳозирча аниқ тайёргарлик белгилари йўқлигини таъкидламоқда. Манбаларга кўра, Кремлда бундай сценарий муҳокама қилинаётган бўлса-да, Россия оддий қуроллар орқали ҳам эскалацияни давом эттириши мумкин.

Кўплаб таҳлилчилар эса ҳозирги шароитда ядровий қуролдан фойдаланиш учун бевосита зарурат кўрмаяпти.

Дўстларингизга ҳам юборинг: