Садир Жапаров: «Халқ душманлари» шафқатсизларча жазоланади
Давлат раҳбари ташқи деструктив кучлар таъсирида ва улардан пул олган ҳолда мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга, аҳоли ўртасида ваҳима ва норозилик туйғусини тарқатишга уринаётган шахслар қаттиқ жазоланишини маълум қилди. У ўз нутқида бундай кимсаларни «халқ душманлари» деб атаб, уларга нисбатан ҳеч қандай шафқат бўлмаслигини ва жазо муқаррарлигини қатъий таъкидлади.
Жапаровнинг сўзларига кўра, мамлакат ривожланишининг биринчи ва энг асосий шарти темир интизомдир. Президент ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан юқори профессионаллик, масъулият ва халққа содиқ хизмат қилишни талаб қилди. Шу билан бирга, у силовикларга фуқаролар ва чет эллик меҳмонлар билан хушмуомала бўлиш ҳамда ҳар бир мурожаатга тезкорлик билан ёрдам бериш бўйича алоҳида топшириқ берди.
Ушбу саф кўриги ва хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши Қирғизистонда ўтказилиши режалаштирилган йирик халқаро тадбирлар — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити ҳамда Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари арафасида амалга оширилмоқда. Айни пайтда мамлакатда «Хавфсизлик» махсус операцияси бошланган бўлиб, жамоат тартибини сақлашга Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси каби қатор идораларнинг 15 минг нафардан ортиқ ходими сафарбар этилган.
