Исландияликлар ЕИга аъзолик музокараларини қайта бошлашга қарши овоз берди
Исландияда ўтказилган референдумда аҳолининг аксарияти мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича музокараларни қайта тиклашга қарши овоз берди.
Якуний натижаларга кўра, музокараларни қайта бошлашга қаршилар 52,5 фоизни, тарафдорлар эса 47,5 фоизни ташкил қилди.
Овозларни санашнинг дастлабки босқичида ЕИ билан музокараларни тиклаш тарафдорлари устунлик қилаётган эди. Ўша пайтда улар 51,2 фоиз овоз тўплаган, қаршилар ҳиссаси эса 48,8 фоизни ташкил этганди.
Бу ҳолат дастлаб Европа Иттифоқига интеграция тарафдорлари кўпроқ бўлган пойтахт Рейкявикдаги овозларнинг катта қисми ҳисоблаб чиқилгани билан изоҳланди. Қишлоқ ҳудудларидан натижалар келиб тушгач, вазият ўзгарди ва музокараларга қаршилар олдинга чиқди.
Исландия 2009 йилда жаҳон молиявий инқирозидан кейин Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган. Музокаралар 2010 йилда бошланган, аммо 2013 йилда янги ҳукумат уларни тўхтатган.
2015 йилда Исландия ҳукумати Брюсселдан мамлакатни ЕИга аъзоликка номзод сифатида бошқа кўрмасликни сўраган эди.
Исландия Европа Иттифоқи аъзоси эмас, бироқ Европа иқтисодий ҳудуди ва Шенген зонаси таркибига киради.
