Афғонистон қўшни давлатлар учун таҳдид солмайди – “Толибон”
Афғонистон қўшни мамлакатларга таҳдид солмайди ва минтақада янграётган баёнотлар асосан асоссиз. Бу ҳақда Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
У шу тариқа илгарироқ тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун қурол ва техника етказиб беришни келишиб олиш ҳақида гапирган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бош котиби Таалатбек Масадиковнинг сўзларига жавоб қайтарди.
Мужоҳиднинг сўзларига кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари мамлакат чегараларини тўлиқ назорат қилмоқда ва унинг бутун ҳудудида юқори даражадаги хавфсизликни таъминламоқда.
«Биз доимо эшитиб келаётган бу хавотирлар асоссиздир. Эҳтимол, Афғонистонга душманона муносабатда бўлган баъзи мамлакатларнинг разведка тузилмалари Афғонистон ва унинг қўшнилари ўртасида кескинликни келтириб чиқариш мақсадида ушбу ташкилотни ёлғон ва нотўғри маълумотлар билан таъминлаётгандир», — деди у КХШТни назарда тутиб.
