Лавров Берлиннинг Москвага қарши айбловларини «ҳақиқий уруш эълони» деб атади

Лавров Берлиннинг Москвага қарши айбловларини «ҳақиқий уруш эълони» деб атади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Германия расмийларининг Москвага қарши сўнгги айбловлари ва ҳаракатларини «ҳақиқий урушнинг бошланиши» сифатида баҳолади.

Лавровнинг таъкидлашича, Германия канцлери Фридрих Мерцнинг мамлакатни Европадаги етакчи ҳарбий кучга айлантириш ҳақидаги баёнотлари Россияга нисбатан очиқдан-очиқ таҳдидни англатади.

«У бизга очиқчасига уруш эълон қилмоқда. Тарих сабоқлари тўлиқ ўрганилмаган», — деди Россия ТИВ раҳбари телевизион интервьюда.

Лавров Германия расмийларини «нацистлар усулларига қизиқиш билдиришда» айблаб, Москва вазиятдан тегишли хулосалар чиқаришини билдирди.

Россия ташқи ишлар вазири, шунингдек, Лейпциг аэропортидаги дрон билан боғлиқ ҳодисадан сўнг Москвага қарши билдирилган айбловларга ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса бўйича тўлиқ тергов ўтказилмасидан туриб, дрон Россияга тегишли экани ҳақида хулоса қилинган.

«Улар аэропортда қандайдир дронни топиб, ҳеч ким тергов бошламасидан олдин уни дарҳол Россияга тегишли деб эълон қилишди. Бу ёндашув кўп жиҳатдан Россияга қарши ҳақиқий урушнинг бошланишидир», — деди Лавров.

У Германияда Россиянинг дипломатик муассасаларига нисбатан кўрилаётган чораларни ҳам танқид қилди. Вазир Бонндаги Россия бош консулхонаси ходимлари чиқариб юборилгани ва аввалги келишувлар бекор қилинганини, Берлиндаги Россия уйи фаолияти ҳам тўхтатилиши режалаштирилаётганини айтди.

Лавров, шунингдек, Европа сиёсатининг ҳозирги раҳбарлари келажакда сиёсий саҳнадан чиқиб кетишига ишонч билдирди. Унинг фикрича, Европа халқлари охир-оқибат «тўғри танлов» қилади.

Россия ташқи ишлар вазирининг ушбу баёнотлари Германия ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб бораётган бир пайтда янгради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: