“ХАЛҚ АМАЛИЙ САНЪАТИДА ЗАМОН НАФАСИ” КЎРГАЗМАСИ ҚОЗОҒИСТОНДА НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

“ХАЛҚ АМАЛИЙ САНЪАТИДА ЗАМОН НАФАСИ” КЎРГАЗМАСИ ҚОЗОҒИСТОНДА НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Қозоғистон Республикаси Миллий марказий музейида таниқли озарбайжон олими, гиламшунос рассом ва Озарбайжон халқ рассоми Латиф Каримов таваллудининг 120 йиллигига бағишланган “Халқ амалий санъатида замон нафаси” кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазма Туркий маданият ва мерос жамғармаси, Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги, Озарбайжон Миллий гилам музейи ҳамда Қозоғистон Миллий марказий музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Экспозицияда XIX–XX асрларга оид озарбайжон гиламдўзлиги ва халқ амалий санъатининг ноёб намуналари, жумладан, Губа, Боку, Ширвон, Қорабоғ, Газах ва Ганжа гиламлари, шунингдек, палос ва бошқа текис тўқилган гиламлар, декоратив-амалий санъат буюмлари, бадиий каштачилик намуналари, заргарлик буюмлари, металлга ишлов бериш санъати намуналари ҳамда анъанавий аёллар либослари намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг алоҳида бўлими Латиф Каримовнинг ижодий меросига бағишланган. Унда устоз томонидан яратилган эскизлар билан бир қаторда “Иккинчи баҳор” ва “Хатай” гиламлари ҳам намойишга қўйилган.

Тадбир доирасида Озарбайжон Миллий гилам музейи ва Қозоғистон Миллий марказий музейи ўртасида маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш, музейлараро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Латиф Каримов таваллудининг 120 йиллигига ҳамда қозоқ ва озарбайжон декоратив-амалий санъатининг тарихий ва маданий алоқаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

“Халқ амалий санъатида замон нафаси” кўргазмаси 2026 йил 4 октябрга қадар давом этади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: