Эрон Жанубий Кореяга таҳдид қилди

Эрон Жанубий Кореяга таҳдид қилди

Теҳрон Жанубий Кореяни Форс кўрфази ва Ҳурмуз бўғозида АҚШнинг ҳар қандай ҳарбий ҳузури ёки операцияларида иштирок этишдан огоҳлантирди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Бекай маълум қилди.

Дипломатнинг таъкидлашича, ўзаро ҳурмат асосида ривожланиб келаётган икки томонлама муносабатларнинг 64 йилдан ортиқ тарихига қарамай, Эрон Сеулнинг АҚШ ташаббусларига қўшилишини «тажовузкорни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш» сифатида баҳолайди.

Бекайнинг сўзларига кўра, «Эрон АҚШнинг тажовузкор ҳаракатлари ва ҳарбий жиноятларига қарши адолатли мудофаа олиб бораётган ҳозирги шароитда Форс кўрфази минтақасида бошқа давлатнинг ҳарбий ҳузури ёки операцияларида иштирок этиш муқаррар равишда жиддий оқибатларга олиб келади».

Эрон ТИВ вакили Ислом Республикаси Жанубий Корея билан дўстона муносабатларга ҳануз катта аҳамият қаратишини қўшимча қилди. Шу билан бирга, у ҳеч бир суверен ва масъулиятли давлат Вашингтоннинг босими ва таҳдидларига бўйсунмаслиги ҳамда «буюк Эрон халқига қарши тажовуз ва даҳшатли жиноятларнинг шеригига» айланмаслиги кераклигини таъкидлади.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ҳарбий ҳамкорликни қисқартириш билан таҳдид қилганидан сўнг Жанубий Корея Ҳурмуз бўғозига ҳарбий-денгиз флоти юборишга тайёр эканини билдиргани маълум бўлган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: