Россия Тожикистон фуқароларини Украинадаги урушга фаол жалб қилмоқда
Сўнгги ойларда ёш тожикистонликларни Россиянинг Украинага қарши урушига жалб қилиш кучайган. Бу ҳақда тожикистонлик журналист ва таҳлилчи Абдуманон Шералиев «Озоди» радиосига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, бир ой давомида ўтказган текшируви давомида тожикистонликларни ноқонуний ушлаш ва уларни ҳарбийларга топшириш билан боғлиқ юздан ортиқ далил тўпланган.
Шералиевнинг таъкидлашича, айрим тожикистонлик муҳожирлар Москвага етиб келиши биланоқ аэропортларда ёки бошқа жойларда ушланиб, таҳдид ва босим остида фронтга юборилган. У айрим ҳолатларда муҳожирлар фронтга юборилганидан бир неча ҳафта ўтиб ҳалок бўлганини айтди.
Журналист ўз текширувида Украина ҳукумати қўллаб-қувватлайдиган «Хочу жить» лойиҳаси маълумотларидан ҳам фойдаланган. Лойиҳа Россиянинг Украинага қарши урушида жанг қилган бўлиши мумкин бўлган 3000 дан ортиқ Тожикистон фуқаросининг исмларини эълон қилган. Уларнинг кўпчилиги ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.
Шералиев Тожикистон ҳокимиятининг бу масаладаги сукутини сиёсий сабаблар билан изоҳлади. У Россиянинг геосиёсий таъсири пасайиши билан минтақадаги давлатлар бу каби ҳолатларга нисбатан фаолроқ муносабат билдиришига умид билдирди.
