Лавров ва Вадефул учрашди: Берлинда бу мулоқот нега турлича баҳоланмоқда?
БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Нью-Йоркда Германия ва Россия ташқи ишлар вазирлари Йоханн Вадефул ва Сергей Лавровнинг кутилмаган 20 дақиқалик учрашуви Германияда қизғин муҳокама қилинмоқда.
28 сентябрь куни Берлинда ўтказилган ҳукумат матбуот анжуманида ҳам асосий мавзулардан бири айнан шу мулоқот бўлди.
Германия ТИВ вакили Йозеф Хинтерзеернинг билдиришича, Берлин учун учрашувда икки масала муҳим бўлган. Биринчиси — Украина ва Россиядан Қора денгиз орқали дон экспортини таъминлаш масаласи. Унинг айтишича, Германиядан бу мавзуни кўтаришни бир нечта давлат сўраган. Бироқ қайси давлатлар эканини аниқлаштирмаган.
Иккинчи масала эса Германия инфратузилмасига нисбатан эҳтимолий диверсиялар хавфи бўлган. Хинтерзеер август ойи бошида Лейпциг аэропортида портловчи модда ортилган дрондан фойдаланишга уринишга ўхшаш ҳодисалар такрорланиши Германия учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини айтган.
Бироқ Германия ТИВ вакили дон экспорти масаласида Россия томони қандай муносабат билдиргани ёки учрашувдан қандай аниқ натижа олинганини маълум қила олмаган. Унинг таъкидлашича, «муаммони жойидан силжитишга бўлган ҳар қандай уриниш қадрли».
Учрашув Германия сиёсий доиралари ва оммавий ахборот воситаларида турлича баҳоланмоқда. Айрим нашрлар Германия ва Россия ўртасида мулоқот бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Жумладан, Süddeutsche Zeitung ва Die Zeit газеталари вазирларнинг фикр алмашганини ижобий қабул қилган. Süddeutsche Zeitung бу мулоқотни икки давлат муносабатларидаги «музлик даврининг эҳтимолий якунига бошланиш» сифатида баҳолаган. Бироқ нашрнинг таъкидлашича, учрашувнинг муҳим жиҳатларидан бири Москва музокараларга тайёр эмаслигини намоён қилгани бўлган.
Германия ТИВ вакили Хинтерзеер Берлин Россия Нью-Йоркдаги учрашувдан пропаганда мақсадларида фойдаланганини англаётганини билдирди. Бироқ Германия буни мулоқот ўтказишга қарши далил сифатида кўрмаяпти.
Учрашувларнинг давоми бўладими — ҳозирча очиқ савол. Германия томонининг билдиришича, бундай мулоқотлар ҳозирча мунтазам тус олиши кутилмаяпти.
