Францияда таълим шароитларидан норози юқори синф ўқувчилари намойишга чиқди

Францияда таълим шароитларидан норози юқори синф ўқувчилари намойишга чиқди

Франция ички ишлар вазири Лоран Нунес 164 киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, намойишлар вақтида 12 нафар юқори синф ўқувчиси, уч нафар мактаб директори ва таълим муассасанинг 5 нафар ходими, шунингдек, 12 нафар ички хавфсизлик кучлари ходими жабрланган.

Мамлкатнинг турли ҳудудларида, айниқса Ил-де-Франс минтақасида, ўқувчилар ресурслар ва ўқитувчилар етишмаслигига қарши норозилик билдириб, мактабларни блоклади. Нунеснинг сўзларига кўра, 28 сентябр кунги намойишлар қарийб 180 та мактабни қамраб олган. Шулардан 27 таси тўлиқ блоклаб қўйилган, оқибатда ҳудудларга полиция етиб борган. Намойишлар вақтида полиция билан тўқнашувлар юз берган.

BFMTV телеканали хабарига кўра, норозиликлар ҳануз давом этмоқда. Парижда ҳам юқори синф ўқувчилари “қийин вазиятда қолган мактаблар билан бирдамлик рамзи сифатида” намойиш ўтказмоқда.

Лилл шаҳрида эса вазият янада кескинлашган. Бир гуруҳ одамлар Сезар Бажио номидаги мактабга куч билан киришга урингач, воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот ходимлари юборилган. Намойишчиларнинг кичик бир гуруҳи полицияга турли буюмлар, жумладан тошлар улоқтира бошлаган, шундан сўнг полиция уларни тарқатишга киришган.

Норозиликларга университет талабалари ҳам қўшилишни бошлади. BFMTV маълумотига кўра, Лилл яқинидаги Вилнев-дъАск шаҳридаги Пон-де-Буа кампуси талабалар томонидан блокланган. Тулузадаги Пол Сабате университетида ҳам талабалар ўз талабларини илгари суриб, шунга ўхшаш акция ўтказмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: