Украина дронлари икки кундан бери Россиядаги “Яндекс” маълумотлар марказларига ҳужум қилмоқда
Россиянинг Калуга шаҳрида Украина дронлари ҳужуми оқибатида “Яндекс” компаниясига тегишли маълумотлар маркази зарар кўрди. Марказнинг бир нечта модули бутунлай ишдан чиққан. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
“Яндекс” компаниясининг аниқлик киритишича, мутахассислар Калугадаги марказга етказилган зарар кўламини баҳолашда давом этмоқда. Ҳужум оқибатида компаниянинг айрим хизматлари узилишлар билан ишламоқда.
Калугадаги маълумотлар маркази қурилиши 2022 йилда бошланган, унинг биринчи қисми эса 2023 йил декабрда ишга туширилган. Россиядаги энг йирик “Яндекс” маълумотлар маркази 3 800 дан ортиқ сервер жавонини жойлаштиришга мўлжалланган бўлиб, компаниянинг ўз хизматлари ва Yandex Cloud мижозларига хизмат кўрсатади. Ҳужум пайтида марказда қанча сервер бўлгани номаълум.
8 октябрга ўтар кечаси Украина дронлари Рязан вилоятининг Сасово шаҳридаги “Яндекс” маълумотлар марказига ҳужум қилган. Зарбадан сўнг ёнғин чиқиб, марказ фаолияти тўхтаган. Шикастланган ускуналарни тиклаш имкони бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.
Ушбу марказ 2014 йилда очилган. “Яндекс”нинг учта суперкомпютеридан иккитаси айнан шу ерда жойлашган. Улар сунъий интеллект, жумладан, YandexGPT’ни ишлаб чиқишда қўлланади. Суперкомпютерлар зарар кўрган ёки кўрмагани маълум эмас.
Ҳужум ортидан Россиядаги бир қатор интернет хизматлари фаолиятида узилишлар кузатилган. Жумладан, фойдаланувчилар “Яндекс”, “Авито”, “Сиан”, Россия темирйўллари ва айрим оммавий ахборот воситалари сайтларига киришда муаммоларга дуч келган. Yandex Cloud’нинг Сасоводаги марказ билан боғлиқ хизматлари ҳам ишламай қолган.
