Миср президенти Саудия Арабистонига қўшин юборишни таклиф қилди
Миср Миллий мудофаа кенгаши мамлакат Саудия Арабистонига қироллик чегараларини ҳимоя қилишда зарур бўлган барча ёрдамни кўрсатишини маълум қилди. Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси томонидан чақирилган махсус йиғилиш ҳусийлар ҳужумлари таҳдиди қаршисида Саудия Арабистони билан бирдамлик билдиришга бағишланди.
Президент, шунингдек, Саудия Арабистонига ҳарбий ёрдам кўрсатиш, жумладан, у ерга қўшин юбориш масаласини муҳокама қилиш учун парламентнинг навбатдан ташқари мажлисини чақирди.
Депутат Мустафо Бакрийнинг айтишича, парламент аъзолари орасида сўзга чиқиш истагини билдирганлар сони жуда кўп бўлгани сабабли муҳокамалар уч кун давомида ўтказилади. Бироқ президент Саудия Арабистонига ёрдам бериш учун қўшин юборишни зарур деб ҳисоблаётганига ишора қилган бўлса, парламентнинг бу қарорга жиддий қаршилик кўрсатиши эҳтимоли кам.
Ҳозирча Саудия Арабистонидаги Миср ҳарбий контингенти қандай вазифаларни бажариши аниқ эмас. Эҳтимол, улар фақат чегара хавфсизлигини кучайтиришга жалб этилиши мумкин.
Мисрнинг Яманда ҳарбий аралашув бўйича салбий тажрибаси бор. 1960-йиллардаги фуқаролар уруши даврида президент Жамол Абдул Носир Яманга қўшин юборган. Ҳарбий контингент сони мунтазам ошиб бориб, якунда 130 минг нафар аскарга етган.
Миср қўшинларининг йўқотишлари 26 мингдан 40 минг нафаргача ҳалок бўлган ҳарбий сифатида баҳоланган.
