Кенияда диний оқим етакчиси 191 кишининг ўлимида айбдор деб топилди
Кенияда диний оқим етакчиси Пол Маккензи 190 нафар бола ва бир нафар каттанинг ўлимига алоқадор қотилликлар бўйича айбдор деб топилди. У билан бирга унинг 29 нафар тарафдори ҳам айбдор деб топилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Маккензи ўзи асос солган «Халқаро эзгу хабарлар вазирлиги» диний оқими аъзоларига фарзандларини оч қолдиришни буюрган. У бу орқали болалар «Исо билан тезроқ учрашиши»ни даъво қилган. Шунингдек, у замонавий таълим ва тиббиётни қоралаб, издошларини улардан воз кечишга чақирган.
Суд жараёнида Маккензи ва унинг шериклари қотиллик ҳамда одамларни ўлимга мажбурлаш айбловларини рад этган. Бироқ тергов материалларида оқим аъзолари очликдан ташқари, бўғиш ва калтаклаш орқали ҳам ўлдирилгани қайд этилган. Ҳукм бўйича жазо 6 ноябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.
2023 йилда Кениянинг Ҳинд океани соҳили яқинидаги Шакахола ўрмонида юзлаб одамларнинг жасадлари топилганидан кейин Маккензи ва унинг тарафдорлари ҳибсга олинган. Кейинги текширувлар давомида жами 400 дан ортиқ жасад аниқланган. Қурбонларнинг кўпчилиги шахси аниқланмаган ҳолда қолган.
Мақолада келтирилишича, Маккензи 2003 йилда диний оқимга асос солган. Кейинчалик унинг издошлари сони Кения бўйлаб минглаб кишига етган, оқим ҳатто ўз телеканалига ҳам эга бўлган. 2019 йилда у асосий тармоғини ёпиб, издошларини Малинди шаҳри яқинидаги Шакахола ўрмонига кўчирган.
Оқимнинг айрим аъзолари ҳанузгача Маккензига ишонишда давом этмоқда. Шундай издошлардан бири Питер Шукрананинг айтишича, онаси зарур дориларни зарарли деб ҳисоблаб ташлаб юборгани сабабли у ўрмонда ҳаётини йўқотишига оз қолган. У касалхонада даволанганидан кейин ҳам Маккензини яхши инсон ва ўз руҳонийси деб билишини айтган.
Маккензи ва оқимнинг бошқа раҳбарлари қотилликдан ташқари терроризм, издошларни радикаллаштириш ҳамда болаларни таълим олиш имкониятидан маҳрум қилишда ҳам айбланмоқда.
