«Олтин тўп» ғолиби номи маросимдан олдин ошкор бўлдими?
«Олтин тўп» мукофотининг навбатдаги соҳиби эълон қилинишига бир неча кун қолганида, интернетда Харри Кейннинг ғалабаси ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Winna FC саҳифасига кўра, «Бавария» ва Англия терма жамоаси ҳужумчиси овоз бериш натижалари бўйича биринчи ўринни эгаллаган. Манба футболчи мукофотни қўлга киритганидан хабардор қилингани ва у билан махсус фотосессия ўтказилиши режалаштирилганини иддао қилмоқда.
Бироқ бу хабарнинг ишончлилиги савол остида. Қарийб 250 минг обуначига эга саҳифа тарқатган маълумот ҳозирча расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Қолаверса, «Олтин тўп» ташкилотчилари сўнгги йилларда ғолибни маросимгача сир сақлаш амалиётини йўлга қўйган. Авваллари мукофот соҳиби олдиндан хабардор қилиниб, France Football журнали учун интервью ва фотосуратлар тайёрланарди. Бироқ натижаларнинг матбуотга сизиб чиқиши сабаб бу тартиб ўзгартирилган.
2026 йилги «Олтин тўп» ғолиби 26 октябрь, душанба куни Лондонда ўтадиган тақдирлаш маросимида расман маълум бўлади.
